“Буюк ипак йўли карвонсаройлари” лойиҳаси ишга туширилди

Хитойда ўтаётган Евроосиё иқтисодий форуми доирасида Самарқанд шаҳри ҳокими ўринбосари Э.Ражапов, Бухоро шаҳри ҳокими ўринбосари К.Давронов, Хива шаҳар ҳокими ўринбосари Ҳ.Бобоев, “Ashina Group”компанияси директори Ш.Жўрабоев, шунингдек, Хитойнинг Сиань шаҳри мэри иштирокида “Буюк ипак йўли карвонсаройлари” лойиҳаси ишга туширилди.

Тадбирда Пекин университети профессори, Халқаро сайёҳлик тадқиқотлари уюшмаси президенти У Биху сўзга чиқди, форум иштирокчиларига “Буюк ипак йўли карвонсаройлари” тизимини ривожлантириш концепциясини тақдим этди.

Ушбу концепция “Бир макон, бир йўл” ташаббусига мувофиқ, мамлакатлар ўртасида гуманитар ва иқтисодий алмашувларни ривожлантириш асосида “Буюк ипак йўли карвонсаройлари” тизимини қуришга қаратилган.

Профессор У Бихунинг қайд этишича, лойиҳанинг илк босқичи Хитойнинг олти шаҳри, жумладан, Сиань ва мамлакатимизнинг тўрт шаҳри – Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивада амалга оширилади.

– Бой тарихга, юксак маданият ва бебаҳо сайёҳлик ресурсларига эга Ўзбекистон “Бир макон, бир йўл” бўйлаб туризмни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Хусусан, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарлари дунё маданий мероси, Осиёнинг олтин сайёҳлик дурдонасидир, – деди У Биху.

Лойиҳага кўра, карвонсаройлар икки платформа – сайёҳлик мажмуаси ва электрон тижорат кўринишида амалга оширилади. Сайёҳлик мажмуаси тизими замонавий туризм маҳсулотлари яратиш, маълумотлар базасини шакллантириш, маданий кўргазмалар ташкил этиш, хизмат кўрсатиш ва товарлар сотишни кўзда тутса, бизнесни рағбатлантириш, карвон саройлар жойлашган ҳудудларда Хитой қишлоқ хўжалиги электрон савдо технологияларини жорий этиш, электрон савдони қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш каби устувор вазифалар электрон тижорат платформаси орқали рўёбга чиқарилади.

Мамлакатларимиз шаҳарларида битта карвонсарой лойиҳасини ишга тушириш учун жалб қилинадиган дастлабки инвестиция ҳажми танланган жой ва барпо этиладиган инфратузилма объектларига қараб 100 миллион АҚШ долларидан ошиши мумкин.

– “Буюк ипак йўли карвонсаройлари” тизими давлатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, ижобий тажрибани ўзлаштириш ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратади, – дейди лойиҳа иштирокчиси, “Ashina Group”компанияси директори Ш.Жўрабоев.

Тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш мақсадида Ипак йўли туризм саноати уюшмаси ташкил этилди.