Хитой Суперлигасида 29-тур учрашувлари бўлиб ўтди.
Таркибида Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов тўп сураётган «Шанхай СИПГ» ушбу турда Пекиннинг «Ренҳе» клубини қабул қилиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйинда ҳисоб 20-дақиқада Аҳмедов томонидан очилди.
Одилнинг мавсумдаги илк голи бўлди. У 64-дақиқада захирага олинди.
Ушбу баҳс билан параллел равишда шанхайликларнинг жадвалдаги энг яқин таъқибчиси «Гуанчжоу Эвергранд» Чонгкингда айни номдаги жамоа меҳмони бўлиб, мағлубиятга учради (0:2). Натижада чемпионат якунланишига бир тур қолганида Аҳмедов жамоаси чемпионлик масаласини ҳал қилди.
30 ёшли яримҳимоячи мавсум давомида «Шанхай СИПГ»нинг Суперлигадаги 19 та ўйинида қатнашиб, уларнинг барчасида асосий таркибда майдонга тушди ва ўртача ҳисобда 87 дақиқадан тўп сурди. У бугунги голини ургунга қадар 3 та самарали пас муаллифи бўлган эди.
Манба: kun.uz