Яшил воҳага айланган саҳро (видео)

Хитойнинг шимоли-ғарбида жойлашган ва мамлакатдаги энг йирик тўртта чўлнинг бири бўлган Му-Ус саҳросининг 93,24 фоизи 70 йилда яшил воҳага айланди

Чўл 42,2 минг квадрат километр майдонни эгаллаган. Илгари бу жойлар дарахтсиз ва экин экилмайдиган жонсиз ер бўлган. Му-Усдан келган шамол ва қум бўронлари сабабли чўл четида жойлашган Юйлинь шаҳри уч марта жанубга кўчирилган.

Маҳаллий аҳоли 1959 йилдан бошлаб қум бўронларини қайтариш учун дарахтлар экишни бошлаган. Кўп йиллик ҳаракатлар яшил ҳудудларнинг шимол томонга 400 километр узайишига олиб келди.

1950 йилларда Юйлинь шаҳрида ўрмон қопламаси бор-йўғи 0,9 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир у 33 фоизга етди.

Энди маҳаллий аҳоли COVID-19 пандемияси туфайли йўқотилган вақтни қоплаш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Май ойининг охирига қадар 400 гектар қумли ерга дарахт экилади.

Чўлни яшиллаштириш нафақат қум бўронлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилди, балки у ҳудуднинг комплекс ривожланишига ҳам олиб келмоқда.

Аввал мазкур ҳудуддаги аҳоли даромади жон бошига 200-300 юанни (30-40 доллар) ташкил қилган бўлса, ҳозирги пайтда бу кўрсаткич 30 000 юандан (4200 доллар) ошмоқда.