Жорий йил 25-28 апрель кунлари Фарғона шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Миллий координаторлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Дастлаб, Фарғона шаҳридаги “Great silk road” меҳмонхонаси анжуманлар залида Ўзбекистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Миллий координаторлари кенгаши (ШҲТ МКК)нинг навбатдаги йиғилишини ўтказди.
Учрашувда ШҲТга аъзо давлатлар вакиллари Ташкилотнинг Давлат раҳбарлари кенгаши ва бошқа Низом органларининг бўлажак мажлисларига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан фикр алмашишди.
Ушбу нуфузли ташкилотга 2021-2022 йиллар мобайнида раислик қилиш Ўзбекистонга ўтиши тўғрисидаги қарор Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Душанбедаги саммитида қабул қилинган.
Ўшанда Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг ШҲТдаги раислиги доирасида амалга ошириладиган устувор вазифаларни баён қилган эди.
Ўзбекистон раислиги даврида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорларимиз билан бирга 80 дан ортиқ тадбир ўтказиш кўзда тутилган.
Тадбир давомида ШҲТнинг Самарқанддаги Саммитида қабул қилиниши кутилаётган ҳужжатлар кўриб чиқилди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Миллий координаторлари Фарғонада бўлиб ўтаётган Кенгаш йиғилиши юқори савияда ташкил этилганини эътироф этишди.
Али Ерлик, Қозоғистон миллий координатори:
— Ўзбекистон раислигининг ҳаракатлар алгоритми самарали ишлаб чиқилган ва улар ўз вақтида амалга оширилмоқда. Экспертлар учрашувларидан тортиб вазирликлар ўртасидаги барча тадбирлар мазмуни ва ташкил этилиши жиҳатидан жуда юқори даражада ўтказилмоқда. Асосийси, улар аниқ натижаларга эришишга қаратилган.
Казибек Қўчқонов, Қирғизистон миллий координатори:
— Ўзбекистон Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига раислик дастурини ишлаб чиқишга ўта масъулият билан ёндашди. Нукус, Бухоро ва Фарғонада ташкил этилган барча тадбирларга аъло даражадаги тайёргарлик кўрилди. Айтиш мумкинки, Ўзбекистон раислиги ШҲТ тадбирларини ўтказиш учун сифат жиҳатидан янги ёндашувни жорий этди. Яъни Ўзбекистон илк маротаба ушбу тадбирларни ҳудудларда ўтказиш амалиётини бошлаб берди. Бу ШҲТга аъзо давлатлар вакилларига Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни бевосита кўриш имконини беради. Фарғоналиклар бой дастур билан бизни қарши олди.
Аҳмад Саидмуродзода, Тожикистон миллий координатори:
— Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ўзбек қардошларимиз раислигида ўтказилаётган барча тадбирлари юқори савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлашни истардим. ШҲТ МККнинг Фарғонадаги учрашуви ҳам бундан мустасно эмас, албатта. Ўзбекистон раислигида миллий координаторларнинг самарали меҳнат қилиш учун барча шароитлар яратилган.
Нуфузли меҳмонлар вилоятнинг диққатга сазовор жойлари ҳамда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти билан ҳам танишдилар.
Хусусан, Қўқон шаҳрида машҳур тарихий обида, Худоёрхон саройидаги экспонатлар кўздан кечирилди. Ўрда ҳақидаги қизиқарли маълумотлар ҳикоя қилиб берилди. Шундан сўнг Учкўприк туманидаги доривор ўсимликлар етиштириш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Меҳригиё” корхонасига борилди. Бу ерда лаванда, годжи, папайя, мушмула, қаҳва, киви, банан каби цитрус мевалардан тортиб, резавор ўсимликлар, турли доривор гиёҳлар етиштирилаётгани, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва дори-дармон воситалари МДҲ давлатларига экспортга чиқарилаётгани маълум қилинди.
Кейинги манзилда Риштон туманидаги Халқаро кулолчилик маркази, икки қаватли кулоллар хонадони, устахона ва савдо дўконлари таништирилди. Риштонлик тадбиркор Равшан Тожиддинов раҳбарлик қилаётган “Р+Корон” корхонасига қарашли кулолчилик музейи, касаначилик асосида тайёрланаётган 500 хилдан ортиқ маҳсулотлар, уларнинг Греция, Фаластин, Россия, Туркия каби турли давлатларга экспорт қилинаётгани ҳам меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Марғилон шаҳридаги Ҳунармандлар марказида эса атлас, адрас ҳамда гилам тўқиш жараёнларига гувоҳ бўлдилар.
Шунинг билан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Миллий координаторлари кенгашининг Фарғонада ўтказилган навбатдаги йиғилиши якунига етди.