Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров хитойлик инвесторлар ҳамда уларнинг фарғоналик ҳамкорларини қабул қилди.
Урумчи шаҳрида фаолият юритувчи маиший техникалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Xinjiang Nuochen” компанияси раҳбари Лей Донг ҳамда 2013 йилда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида Хитой инвестицияси ҳисобига ташкил этилган кир ювиш машиналари ва телевизорлар ишлаб чиқарувчи “Jinmei” корхонаси раҳбари Хси Гу Фенг билан мулоқот чоғида Фарғона вилоятида хитойликлар томонидан ташкил этилиши режалаштирилаётган маиший техникалар ишлаб чиқариш корхонаси лойиҳаси муҳокама қилинди.
Фарғона вилоятида бугунги кунда Хитой инвестицияси билан ташкил этилган 100 дан зиёд корхона фаолият олиб бораётганини, амалга оширилаётган лойиҳалар қиймати бир неча миллион доллардан бошлаб 250 миллион долларгача етаётганини қайд этган вилоят ҳокими, кўзда тутилган лойиҳани ҳаётга тадбиқ этиш учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирди.
Фарғона вилояти бугунги кунда инвесторлар учун энг жозибадор ҳудудлардан бирига айланиб бораётганини қайд этган хитойлик инвесторлар, вилоят раҳбарига ўз бизнес режаларини тақдим этдилар. Вилоят ҳудудида ишлаб чиқариш лойиҳаларини жойлаштириш учун мавжуд бўш турган бинолар, шунингдек янги ташкил этилаётган кичик саноат зоналари ва “Қўқон” ЭИЗ ҳақида, эркин иқтисодий зонада хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар ҳамда қонунчилик билан белгиланган имтиёзлар борасида меҳмонларга батафсил маълумот берилди.
Меҳмонлар тақдим этилган маълумотларни ўрганиб, ўз ишлаб чиқариш линияларини жойлаштириш ҳудуди бўйича якуний қарорга келишгач, лойиҳани амалга оширишнинг навбатдаги босқичига ўтиш борасида келишиб олинди.