Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Цзян Янь хоним коронавирусга қарши курашиш муносабати билан дипломатик ваколатхона Телеграм-каналида мурожаат билан чиқди.
Унда шундай дейилади:
«Ҳурматли хонимлар ва жаноблар, ўзбекистонлик қадрдон дўстларим. Бугунги кунда янги коронавирусга қарши кураш билан боғлиқ вазият бутун дунё эътиборини тортмоқда. Шуни таъкидлашни истардимки, янги коронавирус пайдо бўлгандан бери Раис Си Цзинпиннинг шахсий эътибори ва назорати остида Хитой унинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича кенг қамровли ва қатъий чораларни кўрмоқда. Бу тадбирларнинг аксарият қисми Халқаро тиббий-санитария қоидалари талабларидан ҳам юқори даражада амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, Хитой томони халқаро ҳамжамиятни очиқ, ошкора ва масъулиятли тарзда эпидемик вазият тўғрисида хабардор қилмоқда.
Хитой томонидан кўрилаётган самарали чоралар кўплаб мамлакатлар ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тан олинмоқда. Мазкур халқаро ташкилот Бош директори Тедрос Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва халқаро ҳамжамият Хитой ҳукумати томонидан кўрилаётган қатъий чора-тадбирларни юқори баҳолаётгани ва тўла қўллаб-қувватлаётгани, шунингдек, Хитойнинг пневмония тарқалишининг олдини олиш бўйича кенг қамровли саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолаётганини таъкидлади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитойнинг эпидемияни олдини олиш ва назорат қилиш бўйича имкониятларига ишонч билдирмоқда.
Хитой ва Ўзбекистон қийин вазиятларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётган кенг қамровли стратегик шериклардир. Ишончим комилки, ўзбек халқи эпидемияга қарши курашда Хитой халқи билан ёнма-ён туради. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан юқумли касаллик устидан ғалабага қозонишимизга ишонамиз.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва фаровонлик тилайман!”