Лойиҳа истиқболлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Давлат бошқаруви академияси томонидан Шанхай Ижтимоий фанлар академияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон – Хитой: “Бир макон, бир йўл” ташаббусини ҳамкорликда амалга ошириш истиқболлари” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Хитойнинг бир қатор идоралари ва етакчи тадқиқот марказлари раҳбарлари, экспертлар иштирок этишди.

“Бир макон, бир йўл” лойиҳаси икки йўналишда, яъни қуруқликда “Ипак йўли иқтисодий камари” ҳамда денгиз йўллари орқали “XXI асрнинг денгиз Ипак йўли” транспорт коридорларини ташкил этишга қаратилган. Бундан кўзланган асосий мақсад қадимий Ипак йўли руҳиятини қайта тиклаш асосида минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатларнинг транспорт инфратузилмаларини бирлаштириш, товар айирбошлаш учун қўшимча қулайликлар яратиш, маданий алоқаларни, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдан иборат. “Бир макон, бир йўл” халқаро лойиҳаси Марказий Осиё, Европа ва Африка минтақасида жойлашган 60 дан ортиқ давлатни боғловчи мавжуд иқтисодий йўлакларни янада такомиллаштиришни, янги транспорт ва савдо йўлларини очишни кўзда тутади. Ушбу лойиҳа икки ва кўп томонлама алоқалар механизмларини мустаҳкамлаган ҳолда, халқаро ҳамкорлик ва тараққиётнинг янги моделларини шакллантириш ва илгари суришни назарда тутади.

Иштирокчилар эътиборига ҳавола этилган маърузалар мазкур лойи­ҳа доирасида Ўзбекистон – Хитой ўртасида савдо-иқтисодий ва инвес­тициявий, транспорт, коммуникация, туризм, таълим соҳаларидаги алоқаларнинг ҳозирги ҳолати, уни ривожлантириш истиқболлари ва йўналишларига бағишланди. Илмий тадқиқот муассасалари ва марказлари таҳлилчилари ўзларининг экспертлик мулоҳазалари ва хулосалари билан ўртоқлашдилар. Мавжуд салоҳият ва имкониятларни ўзаро бирлаштирган ҳолда олдинга қўйилган вазифаларни биргаликда амалга ошириш, икки томонлама манфаатли ҳамкорликни тараққий топтириш учун аниқ тавсиялар, фикр-мулоҳазалар билдирдилар.

Анжуман якунида Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Шанхай Ижтимоий фанлар академияси ўртасида 2018-2019 йилларга мўлжалланган ҳамкорликнинг “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш таклиф этилди. Унда “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасида Марказий Осиё минтақаси ҳудудидан ўтувчи транспорт коммуникация­лари ва савдони ривожлантириш муаммолари юзасидан биргаликда мақсадли тадқиқотлар ўтказиш, иқтисодий йўналишдаги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнига халқаро бизнес ва молия институтлари вакилларини жалб қилишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини йўлга қўйиш, Тошкент Давлат шарқшунослик институти қошида “Бир макон, бир йўл” таҳлил марказини очишда Шанхай Ижтимоий фанлар академиясининг (ШИФА) интеллектуал кўмагидан фойдаланиш, илмий ишлар услубиётлари бўйича тажриба алмашиш учун ШИФА негизида Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти экспертлари малакасини оширишни ташкиллаштириш кўзда тутилган.

О.ЛАТИПОВА.